Польшанинг “LOT Polish Airlines” авиакомпанияси Варшавада жойлашган бўлиб, дунёдаги энг қадимги, энг йирик ва вакиллари кўп альянс — Star Alliance аъзоси ҳисобланади.

Мазкур йирик “LOT Polish Airlines” авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам рейсларни йўлга қўйди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “LOT Polish Airlines” авиакомпанияси томонидан мамлакатимизга мунтазам рейсларнинг йўлга қўйилиши муносабати билан тадбир ҳамда илк ҳаво рейсини кутиб олиш маросими ўтказилди.

Тадбир доирасида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниязов, “LOT Polish Airlines” компанияси бош директори Михал Фиёл, “Uzbekistan Airports” АЖ, Транспорт ва Маданият вазирликлари ҳамда икки мамлакат ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Сардор Ниязов “LOT Polish Airlines” авиакомпанияси Варшава ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйгани нафақат авиация соҳасида муҳим босқич, балки Польша ва Ўзбекистон ўртасида туризмни ривожлантириш ва маданий алмашинув учун улкан имконият эканини қайд этди.

Маросимдан сўнг хорижий делегация Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташриф буюради ва халқаро блогерлар ҳамда ОАВ вакиллари томонидан туристик объектларимиз ҳақида контент тайёрлаш мақсадида “city tour” ташкил этилади.

– Варшава ва Тошкент ўртасида авиақатновларнинг очилиши биз учун Европа билан ҳаво алоқаларини ўрнатишда муҳим қадам бўлди, – дейди   “Uzbekistan Airports”  раҳбари Жавлонбек Умархўжаев. – Пандемиядан сўнг “LOT Polish Airlines” Ўзбекистон фуқаролари учун Европа шаҳарларига, европаликлар учун эса Ўзбекистон шаҳарларига парвозларни очган биринчи Европа авиакомпаниясига айланди. Бу эса ҳар икки томон туризмини ривожлантиришда янги саҳифа очади. Умид қиламанки, икки кун давомида Польшадан келган меҳмонлар, жумладан, журналистлар, блогерлар ва туроператорлар Ўзбекистонни қайтадан кашф этади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Варшава – Тошкент – Варшава йўналишидаги авиақатновлар март ойида ҳафтасига 3 маротаба, апрель ойидан 4 маротаба амалга оширилиши режа қилинган. Ушбу рейслар Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги туристлар алмашинувига ижобий тасъир кўрсатади.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА