Франция парламенти юқори палатаси чоршанба куни Париж билан Киев ўртасида хавфсизлик тўғрисидаги келишувни қўллаб-қувватлади. Овоз бериш жараёни сенатнинг расмий сайтида намойиш қилинган. Куни кеча ҳужжат Франция парламенти қуйи палатаси ҳисобланган Миллий мажлис томонидан ҳам маъқулланган эди.
Февралда Франция ва Украина ўртасида имзоланган 10 йиллик муддатли хавфсизлик бўйича икки томонлама битимда 2024 йил Киевга 3 миллиард евро ажратиш ҳам кўзда тутилган.
Ўтган ойнинг сўнгги кунлари Президент Эммануэль Макрон Парижда Украинага ёрдам бўйича конференция ташкил қилди. Тадбирда ЕИ мамлакатлари етакчиларининг, деярли, ҳаммаси қатнашди. Шундан сўнг Макрон ЕИ Украинага ўрта ва узоқ масофага парвоз қилувчи ракеталар етказиб бериш юзасидан “чуқур зарба учун тўққизинчи коалиция” тузишга келишиб олганини маълум қилди. Шунингдек, у ғарб мамлакатлари етакчилари Украинага қўшин юбориш имкониятини ҳам муҳокама қилгани, лекин бу борада ҳали бир қарорга келинмагани ҳақида ҳам баёнот берган.