Ўзбекистон – Туркия: муштарак келажак

318

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 32 йиллиги муносабати билан Анқарада “Ўзбекистон – Туркия: муштарак келажак” номли ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Туркия томонидан Президент маслаҳатчиси Ёлчин Топчу, Оила ва ижтимоий хизматлар вазири ўринбосари Ёвуз Селим Киран, Буюк Миллат Мажлиси Миллий таълим, маданият, ёшлар ва спорт ишлари комиссияси раиси Меҳмет Озер, шунингдек мамлакатимизнинг ушбу қардош давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Анқара талаба ёшлари ва жамоатчилиги иштирок этди.

Сўзга чиққанлар ўзаро дипломатик муносабатнинг жорий ҳолатига тўхталиб, сўнгги йилларда кузатилган ҳамкорликнинг юксак самарадорлигини алоҳида таъкидладилар. Ёлчин Топчу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида гапираркан, сўнгги 5 йил ичида қардош юртга бир неча бор ташриф буюриш шарафига муяссар бўлганини  қайд этди.

– Янги Ўзбекистон жадал ривожланмоқда, – деди Президент маслаҳатчиси. – Ўзбекистон – Туркия муносабати сўнгги йилларда ҳавас қиларли даражага кўтарилди. Бу бир-бирига “биродар” деб мурожаат қиладиган муҳтарам президентларимизнинг сиёсий иродаси, қалин дўстлиги туфайлидир.

– Сиёсий алоқаларимизга мувофиқ, иқтисодий ҳамкорликни ҳам жадал ривожлантиряпмиз, – дейди Элчи Алишер Аъзамхўжаев. – Яқин бир неча йил ичида ўзаро савдо миқдорини 5 миллиард, ўрта муддатли истиқболда эса 10 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятни ишга соламиз. Намойиш этилган фильмда умумий тарихимиз акс эттирилган. Бизнинг муносабат бошқалар учун намуна сифатида кўп қиррали стратегик шериклик даражасига кўтарилдган ҳам улкан муваффақият. Умумий келажакни барпо этиш асносида Малатиядан Бухорога келиб, Мовароуннаҳрда маърифат нурини тарқатган Абдулхолиқ Ғиждувоний  каби аждодларимизни улуғлаб, тарихимиздан куч оламиз. Бурсанинг Самарқандга туҳфаси – Қозизода Румий ва Самарқанднинг Истанбулга совғаси – Али Қушчи олимлар уламолари ҳисобланади. Бухоролик ўзбек онанинг ўғли, Туркия давлат мадҳияси муаллифи Меҳмет Акиф Эрсой билан беҳад ғурурланамиз.

Ёвуз Селим Киран Ўзбекистон ва Туркияни кўплаб маданий, тарихий ва маънавий қадриятлар боғлаб туриши ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

– Ўзбекистонни эслаганимизда ҳар биримизнинг қалбимизни ўзгача ҳис-туйғу чулғаб олиши бежиз эмас, – дейди вазир ўринбосари. – Зеро, Мовароуннаҳрнинг қоқ маркази – бугунги Ўзбекистонда теран маънавий илдизларимиздан гувоҳлик берувчи сон-саноқсиз маданий ёдгорликлар жойлашган. Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва Тошкентда элчихонасини очган.

Маросимнинг расмий қисмидан сўнг меҳмонларга “Ўзбекистон – Туркия: муштарак келажак” ҳужжатли фильми намойиш қилинди. Ўзаро дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларга бағишланган, Туркия телеканалларида намойиш этиш режалаштирилган асарда Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизнинг маданият ва туризм салоҳияти ёритилган.

Азиза Алимова тайёрлади.

ЎзА