2024-2025 йилларда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури Тожикистонда 15 минг ночор оилани молиявий қўллаб-қувватлайди. Ушбу мақсад учун АҚШ халқаро ривожланиш агентлиги тақдим этадиган 7 миллион доллар йўналтирилади, деб хабар тарқатди Жаҳон озиқ-овқат дастури.

***

АҚШ Президенти Жо Байден Жоржия штатида праймеризда ғалаба қозонди. Энди у демократик партиядан иккинчи муддатга ҳам номзод кўрсата олади, деб ёзган “The Hill” нашри ва CNN телеканали таҳлилчилари.

Жоржиядаги муваффақият партиянинг ёзги қурултойида унинг номзодини қўллаб-қувватлайдиган делегатлар сонини 1970 тага етказди.

***

Пентагон Тайвань учун тўртта MQ-9B дрони буюртма қилди. Учувчисиз парвоз қиладиган мазкур аппаратлар 250 миллион долларга баҳоланмоқда, дейилган давлат харидлари сайтида эълон қилинган хабарда.

Шартномани бажариш ҳуқуқи “General Atomics Aeronautical Systems Inc” компаниясига тегишли.

***

АҚШ Давлат департаменти Польшага парвоз масофаси узайтирилган “AGM-158B-2” ракеталари ҳамда эҳтиёт қисмлари сотиш бўйича келишувни маъқуллади. Битим қиймати 1,77 миллиард долларга тенг, дейилган Пентагон таркибига кирувчи хавфсизлик бўйича ҳамкорлик агентлиги ахборотида.

***

Европа Комиссияси Босния ва Герцеговинани ЕИга қабул қилиш бўйича музокарани бошлашни тавсия қилди, деди Еврокомиссия вице-президенти Марош Шефчович матбуот анжуманида.

Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен шундай таклифни киритган эди.

ЕИ давлатлари етакчилари 2022 йил декабрда Брюсселда бўлиб ўтган саммитда Босния ва Герцеговинанинг номзод мақомини расман тасдиқлаган.

***

“Asahi” газтаси ёзишича, АҚШ, Япония ва Филиппин апрелда уч томонлама саммит ўтказишга тайёрланмоқда. Шу муносабат билан кун чиқар юрт ТИВ раҳбари Ёко Камикава 20 март куни Филиппинда бўлади.

Таъкидланишича, Президент Фердинанд Маркоса иштирокида кечадиган мажлисда Хитойнинг денгизда ортиб бораётган фаоллигини тийиш учун уч томонлама форматда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинади.

***

АҚШ мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари Майкл Хоровиц мамлакатда ядро зарядини элтувчи гипер товушли ракета яратилмаётганини тасдиқлади.

– Қўшма штатларда ишлаб чиқилаётган “ягона гипер товушли қурол, – оддий қурол, – деди у Конгресс Вакиллар палатасида Қуролли кучлар қўмитаси мажлисида сўзга чиқиб.

***

Маблағ етишмаслиги сабабли БМТ Судан ва Чад қочқинларига озиқ-овқат етказиб беролмайди, дея баёнот терқатди Жаҳон озиқ-овқат дастури.

Қайж этилишича, қочқинларга ёрдам бериш учун ташкилотга 242 миллион доллар керак.

БМТ маълумотига кўра, Суданда можаро бошлангандан бери Чадга қарийб 560 минг қочқин кириб келган. Ҳолбуки, Чад шундоқ ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ инқирозни бошдан кечирмоқда.

***

Ташқи ишлар вазирлиги Ироқ томони билан Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ироққа бўлажак ташрифини муҳокама қилмоқда, деди Бағдодда бўлиб турган Туркия ТИВ раҳбари ўринбосари Аҳмет Юлдиз. Дипломат аниқлик киритишича, Эрдоған Бағдодга апрель ойида бориши мумкин.

Туркия етакчисининг Ироққа сўнгги сафари 2012 йил амалга оширилган. Ўшанда Эрдоған Бош вазир эди.

***

Кения ТИВ баёнот беришича, Гаитига тинчликпарвар кучлар жўнатиш режаси тўхтатилди. Гаитида сиёсий бошқарув бўлмаса, миссия жўнатиш тартиби ҳам аниқ бўлмайди, деди мамлакат дипломатия идораси бош котиби Корира Сингоя.

– Кения БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган халқаро миссия доирасида Гаитига  полиция жўнатишни режалаштирган эди, бироқ Бош вазир истеъфосидан кейин вазият тубдан ўзгарди, – деди у. – Энди Кения Гаитида янги конституциявий ҳукумат тузилишини кутади.

***

АҚШ разведкаси фикрича, Хитой “TikTok” орқали Америка сайловига таъсир ўтказиши мумкин.

– Хитой Коммунистик партияси “TikTok”дан фойдаланиши мумкинлигини эътибордан четда қолдиролмаймиз, – деди АҚШ миллий разведка директори Эврил Хейнс Конгресс Вакиллар палатаси разведка қўмитаси мажлисида сўзга чиқиб.

Федерал қидирув бюроси директори Кристофер Рей ҳам мазкур ижтимоий тармоқни миллий хавфсизликка таҳдид, деган эди.

С.Раҳимов, ЎзА