Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Агро саноати – AgroWorld Uzbekistan-2024” халқаро кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилаётган ушбу кўргазма 21 мамлакатнинг вакилларини ўзида жамлади.

Анъанага кўра, кўргазманинг иккинчи кунида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кўмагида “Фермер куни” ташкил этилди. Унда фермер хўжалик вакиллари кўргазма жараёни билан танишиб, иштирокчилар билан мулоқот қилди, учрашувлар ўтказди.

– Кўргазманинг халқаро иштирокчилари ҳақида тўхталганда, унда Россия Федерациясининг Волгоград вилояти миллий стенди намойишини алоҳида таъкидлаш мумкин. Бу ерда омухта ем ускуналари иштирокчилар эътиборини тортаётгани ва қатор музокаралар олиб борилаётгани янада қувонарли. Хитой ва Германиядан омухта ем заводлари, силос заводлари ва уларнинг тизим компонентлари, гумин ва фулвик кислотали маҳсулотлар тақдим этилаётир. Шунингдек, кўргазмада “Биотехнология” (Россия), “Кормовит” (Қозоғистон), “НТП-Синтез” (Беларусь Республикаси), “Нутримакс” (Грузия), “Эвотек” (Италия) каби компаниялар илк маротаба қатнашмоқда, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма доирасида маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида қатор музокаралар ва келишувлар кутилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА