Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти Оқсоқоллар Кенгашининг 15-йиғилиши бўлиб ўтди ва унда ташкилотга аъзо мамлакатларнинг вакиллари иштирок этди.

Учрашув аввалида Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов барча йиғилганларга ташриф учун миннатдорчилик билдирди.

Ахборот ҳамкоримиз Туркманистон Давлат ахборот агентлиги (TDH)нинг маълум қилишича, томонлар самимий, дўстона, конструктив муҳитда ўзаро манфаатли бўлган энг муҳим масалалар юзасидан фикр алмашган.

Оқсоқоллар савдо-иқтисодий, маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Шунингдек, мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Оқсоқоллар кенгашининг 14-йиғилиши якунлари бўйича илгари сурилган тавсияларни амалга ошириш жараёнини ҳар томонлама кўриб чиқиб, туркий халқларнинг сиёсий ўзаро ишончи ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашда ташкилотнинг ўрни муҳимлигини қайд этдилар.

Оқсоқоллар инсоният тараққиётига улкан ижобий таъсир кўрсатган «Буюк Ипак йўли»ни қайта тиклаш стратегияси алоҳида аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этишди.

Шу билан бирга, Ташкилот доирасидаги ҳамкорлик туркий халқларнинг бой тарихий маданий мероси, кўп асрлик анъаналари ва ахлоқий тамойиллари асосида яқинлашишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Иштирокчилар илмий ҳамкорликни ривожлантириш, академик тадқиқотлар ва қўшма халқаро анжуманлар ўтказиш орқали туркий дунё тарихини янада оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Туркий халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Оқсоқоллар кенгаши фаолиятининг асосий устувор йўналишларидан бири экани урғуланди.

Тадбир якунида аъзолар 2024 йилда туркий давлатларда буюк мутафаккир, шоир ва маърифатпарвар, мардлик ва ҳалоллик тимсоли бўлган Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги нишонланишини мамнуният билан қарши олдилар.

Ўткир Алимов, ЎзА