Иқтисодиёт фанлар номзоди, профессор Жанпўлат Кудайбергенов жонкуяр раҳбар, янгиликларга интилувчан инсон сифатида катта бир жамоани бошқарди. Унинг раҳбарлигида минглаб талабалар билим олди, шогирдлар етишиб чиқди, илмий изланишлар олиб борилди. Профессорнинг мамлакат илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, унинг хизматлари ҳукумат томонидан ҳам муносиб тақдирланган.

Тошкент Кимё халқаро университетида марҳум ректор Жанпўлат Кудайбергенов  ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музейнинг очилиш маросими  бўлиб ўтди. Маросимда марҳумнинг оила аъзолари, ҳамкасблари билан бир қаторда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва университет таъсисчиси Алишер Ваҳобов ҳам иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Жанпўлат Кудайбергеновнинг мазкур нодавлат олий таълим ташкилотини шакллантиришдаги муҳим ўрни, олийжаноб, камтар ва меҳнатсевар инсон бўлганлигини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, янги ўқув йилидан иқтидорли талабалар учун унинг номи билан стипендия жорий қилиниши маълум қилинди.

Музейда Ж.Кудайбергеновнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган экспонатлар, фотосуратлар жойлаштирилган. Шунингдек, унга берилган эсдалик совғалар, ташаккурнома ва сертификатлар ҳам музейдан ўрин эгаллаган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки,  Жанпулат Кудайбергенов 1978 йил 10 мартда Нукус шаҳрида туғилган. 2000 йилда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини, 2001 йилда Буюк Британияда жойлашган Бирмингем университетини тамомлаган. Ўзбекистондаги биринчи хусусий олий ўқув юрти бўлган Тошкент Кимё халқаро университети ректори Жанполат Кудайбергенов ўтган 2023 йилда 45 ёшида вафот этган.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА