Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш замон талаби ҳисобланади. Бу келажакда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий жиҳатдан дунё давлатлари ўртасидаги муносабатларда мамлакат нуфузини янада юксалтиради. Чет тилларини ўқитишга, ёш кадрларни салоҳиятли бўлиб етишиши йўлида халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс.

Бу борада Ёшлар агентлиги тизимида ҳам кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Агентлик директори Алишер Саъдуллаев ва Германиянинг “GP Gyunter Papenburg” компаниялар гуруҳининг бошқарувчи директори Ангела Папенбург ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дейилади Ёшлар агентлиги маълумотида.

Мулоқот давомида ўзбекистонлик ёшларни немис тилига ўқитиш ҳамда уларни “Ausbildung” дастури орқали таълим олишлари бўйича янги лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан, ёзги таътилда 10 нафар ўзбекистонлик мактаб ўқувчисини “Papenburg” компаниясига юбориш, немис тилини ўрганаётган ёшлар учун касбга йўналтирилган видеодарсликларни тайёрлашда ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда “Papenburg” компаниясида 100 нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар касбий (ausbildung) таълим олмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2023 йилда 13 нафар ёш немис тили ўқув курси харажатлари қоплаб берилган ва Германияга юборилган. Уларнинг 10 нафари мазкур компанияда касбий таълим олмоқда.

 

М.Мадаминова, ЎзА