Тошкентда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган Халқаро опера ва балет фестивали якунланди.

Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри саҳнасида жаҳоннинг етакчи саҳналаштирувчилари балетмейстерлари, режиссёрлари томонидан саҳналаштирилган спектакллар санъат мухлислари эътиборига ҳавола этилди.

Бу йилги Халқаро опера ва балет фестивали Ўзбекистон миллий балетининг “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” саҳна асари ижроси билан очилди.

Фестиваль дастури доирасида италиялик хореограф  Мауро Бигонцеттининг “Гўё нафас каби” ва Юрий Посоҳовнинг “Габриель Шанель” балет саҳна асарлари, Борис Эйфманнинг “Рус Гамлети” спектакли, Aкром Хоннинг “Chotto Desh” спектакли, Вячеслав Самодуровнинг “Ромео ва Жульетта” саҳна асари ҳамда Урал Балетининг тўрт балетдан иборат сайланма гала концерти намойиш этилди.

Фестиваль доирасидаги балет-спектаклларга, концерт дастурларига, тақдимотларга ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистонда санъатнинг барча йўналишларининг фаол равнақ топиши йўлида барча саъй-ҳаракатлар, имкониятлар сафарбар этилаётганига яна бир бор гувоҳ бўлди.

 

Н.Усмонова,

ЎзА