AҚШ маъмурияти Пентагон бюджетида Украинага ажратилган маблағ йўқлигига қарамай, Киевга 300 миллион доллар миқдорида “фавқулодда ҳарбий ёрдам” пакети юборилишини маълум қилди.

Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур ғоя тафсилотини эълон қилди.

– Украина учун бюджет тугаган ва бу давлатни қўллаб-қувватлаш учун сўралган қўшимча 60 миллиард долларлик ёрдам ҳали Конгресс томонидан маъқулланмаган, – деди у. – Шундай бўлса-да, Киевга шошилинч ёрдам кўрсатиш зарур. Украинада фойдаланиш учун етарли ўқ-дори йўқ.

Aмерикалик сиёсатчи қайд этишича, навбатдаги шошилинч кўмак Украина армиясига қисқа муддат ёрдам беради, узоқ давом этмайди, шунинг учун ҳам Конгрессда ҳозир кўриб чиқилаётган қўшимча бюджет лойиҳаси тезроқ қабул қилиниши керак.

Бу Украинани қўллаб-қувватлаш учун ажратилган бюджет маблағи тугагандан бери, AҚШнинг Киевга юборган биринчи ҳарбий ёрдамидир.