Эрдоған учинчи муддатга ҳам номзодини кўрсатиши мумкин

Туркия парламенти муддатидан олдин сайлов ўтказиш бўйича қарор қабул қилса, амалдаги Президент Режеп Таййип Эрдоған учинчи муддат учун ҳам номзод кўрсатиши мумкин, деди мамлакат адлия вазири Йилмаз Тунж.
Эрдоған аввалроқ 31 март куни бўлиб ўтадиган муниципал сайловни сиёсий фаолиятидаги сўнггиси, дея баёнот берган эди. Президент сайловчиларни Истанбул, Анқара ва Измир мэрлари ҳукмрон партия вакилларидан сайланишига имкон берадиган даражада овоз беришга ва шу йўл билан 1 апрелдан “янги давр”ни бошлашга чақирди. Ҳукмрон партия вакиллари ушбу баёнот давлат етакчисининг сиёсатдан кетишини англатмаслигини айтган.
2017 йил бўлиб ўтган референдум натижасига кўра, Туркия президент бошқарувидаги республикага айланди. Ҳозирги конституцияга мувофиқ, давлат раҳбари кетма-кет фақат икки муддат лавозимни эгаллаши мумкин. 2023 йил май ойида Эрдоған иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланди. Мухолиф партиялар вакиллари сайлов олди кампаниясида унинг, аслида, учинчи муддатга сайланаётганини уқтиришга ҳаракат қилди. Зеро, Эрдоған парламент бошқаруви тизими даврида, яъни 2014-2018 йиллари ҳам президент эди.