Охирги 3 ойда такси хизматлари бюджетга 9,7 миллиард сўм солиқ тўлади

92

Солиқ қўмитасининг хабар беришича, такси хизматлари соҳасини легаллаштириш, расмий иш билан банд бўлмаган шахслар фаолиятларини қонунийлаштирган ҳолда ушбу бозордаги айланмалар ҳисобини юритиш бўйича бошланган ишлар йил сўнгига бориб ўзининг илк самарасини берган.

Биринчидан, бозорнинг энг катта иштирокчилари солиқ тизимлари билан интеграция қилиниб, такси хизматлари учун фискал чек бериляпти.

Иккинчидан, йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг расмий даромад манбаи шаклланиб, иқтисодий ҳаракатларда даромад тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олина бошланди.

2023 йил декабрь ойида онлайн-такси агрегаторлари орқали 4,4 миллион ташувлар амалга оширилган бўлса, февраль ойида бу рақам 8,9 миллиони ташкил этган.

Нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларда тўловларни фискаллаштириш бўйича ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида декабрь-февраль ойларида бюджетга 9,7 миллиард сўм солиқлар тўланди.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА