Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024 йил 1 мартдан бошлаб ҳар олти ойда бир маротаба ижтимоий хизматлар сифати ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режаси натижалари “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходими, ижтимоий ходим, туман тиббиёт бирлашмасининг махсус мониторинг гуруҳи вакили ҳамда фуқаролар йиғини раиси томонидан мониторингдан ўтказилиши тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оддий ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш, индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланган хизматларнинг масъул ходим томонидан кўрсатилган муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги, бехатарлиги баҳоланиб, мониторинг маълумотлари “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимига киритиб борилади.
Қарор билан ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эътироф этиш, индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини тасдиқлаш ва мониторинг қилиш ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги регламент тасдиқланди.
Регламентга кўра:
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда уларни кузатувчи шахсларга давлат спорт тадбирларига, театрларга ва музейларга кириш бепул этиб белгиланади;
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ёки ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази йўлланмаларига асосан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида ташкил этилган спорт тўгаракларида бепул шуғулланади;
ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг яшаш жойида дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бепул амалга оширилади;
ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уларнинг уйида маиший хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим ассистентларига бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йўл ҳақи учун компенсация тўланади;
ижтимоий ходим ассистентларига ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилган ҳамроҳлик хизматлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида қўшимча компенсация тўланади;
оилавий шифокорнинг ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг муҳтожлик даражаси ва яшаш шароитларини баҳоловчи ишчи гуруҳ таркибидаги ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ходимининг мультидисциплинар гуруҳдаги фаолияти уларнинг иш юкламасига киритилади.
2024 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлик субъектларини аутсорсинг асосида жалб этиш тизими йўлга қўйилади.
Эксперимент доирасида:
тадбиркорлик субъектлари энг яхши таклифларни танлаш орқали жалб этилади;
хизматларнинг нархи Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилаётган хизматлар учун белгиланган харажатлар сметасидан келиб чиқиб шакллантирилади;
аутсорсинг шартномаси Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва тадбиркорлик субъекта ўртасида тузилади;
аутсорсинг асосида кўрсатилаётган хизматлар мазкур хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;
ўзгалар парваришига муҳтож шахслар рўйхати амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли туман “Инсон” маркази томонидан шакллантирилади;
ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишга доир талаблар аутсорсинг шартномасига илова қилинади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан аутсорсинг шартномаси талабларига риоя этилиши Агентлик дузуридаги Ижтимоий инспекция томонидан назорат қилинади.
ЎзА