Солиқ қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, такси хизматлари соҳасини легаллаштириш, расмий иш билан банд бўлмаган шахслар фаолиятларини қонунийлаштирган ҳолда даромадларини ва бу бозордаги айланмалар ҳисобини юритиш бўйича бошланган ишлар йил сўнггига бориб ўзининг илк самарасини берди. Ўзбекистондаги энг оммалашган Yandex Go хизмати 2023 йил декабрдан фаолиятини маҳаллийлаштириб, солиқ резидентига айланди.

Бугунги кунда бозорнинг энг катта иштирокчилари Солиқ қўмитаси ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Натижада ушбу агрегаторлар орқали амалга оширилган такси хизматлари учун фискал чек шакллантириш имконияти яратилди.

Қайд этиш жоизки, йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи ўзини ўзи банд қилган фуқароларни расмий даромад манбаи шаклланиб, иқтисодий ҳаракатларда даромад тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олина бошланди.

Шунингдек, ўтган йил декабрь ойида онлайн-такси агрегаторлари орқали 4,4 млн. ташувлар амалга оширилди. Йўловчи ташиш фаолияти 80,1 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан амалга оширилган. Жорий йил январь ойида қатновлар сони 5 миллионга етди. Ташиш хизматлари 113,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилди.

Февраль ойида бу рақамлар янада ўсди. Жорий йил 1 март ҳолатига ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар томонидан жами кўрсатилган хизматлар сони 18,3 миллиондан ошди. Шундан 8,9 миллионтаси февраль ойига тўғри келади. Энг юқори айланмага эга шахслар сони 8 446 та бўлиб, битта ҳайдовчига ўртача 8,5 миллион сўмдан тўғри келган.

Нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларда тўловларни фискаллаштириш бўйича ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида декабрь- февраль ойларида 9,7 млрд. сўм бюджетга солиқлар тўланди.

Бундан ташқари, бу йўналишда ечимини кутаётган ва охирига етказилиши керак бўлган яна бир қатор масалалар турибди. Хусусан, пойтахтда ва ҳудудларда фаолият юритаётган барча маҳаллий ва хорижий онлайн-агрегаторлар тизимларни интеграция қилиш, қисқа рақамлар орқали йўловчи ташиш билан расман рўйхатдан ўтиб ёки ўтмасдан, қонунчилик талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган юридик ва жисмоний шахслар фаолиятларини қонунийлаштириш, лозим ҳолатларда улардан таклифлар олиниб, фаолиятларини қонунийлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатлар лойиҳаси тайёрлаш масалалари турибди.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА