Мамлакатимизда ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Парламент қуйи палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги лойиҳа ҳам айни масалалар билан боғлиқ.

Депутатлар ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмлари ҳамда ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

— Электр энергияси ва газ учун қарздорлик юзага келганда судларга ариза киритилишига қадар қарздорликни ундириш имкониятларидан етарли фойдаланилмагани оқибатида фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига зарар етказилмоқда, — деди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров. — Энг ачинарлиси, бир томонлама асоссиз ҳисобланган қарздорликни ундириш бўйича судларга ариза киритилишига шароит яратилмоқда.

2023 йилда 3,5 мингта суд буйруқлари низо бўлгани сабаб бекор қилинган. Шу сабаб ушбу қонун лойиҳаси билан истеъмол қилинган энергия ресурслари учун мажбурий тўловларни ундириш ҳақида ижро ҳужжатини бериш тўғрисидаги ариза ваколатли орган ёки мансабдор шахсга берилгунига қадар истеъмолчининг энергия ресурслари тармоқларидан узилганини тасдиқловчи ҳужжатни мажбурий тартибда илова қилишга доир талабни истеъмолчи жисмоний шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этиш кўзда тутилмоқда. Яъни, жисмоний шахслар ҳам қарздорлик сабаб электр энергияси ва табиий газ тармоқларидан узилиши қонунчиликда белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини қарздор жисмоний шахслардан почта харажатлари учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига нисбатан татбиқ этиш жорий этилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнининг соддалаштирилишига ҳамда инсон омили аралашувининг камайишига, истеъмол қилинган ёқилғи-энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА