Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

– Ушбу қонун лойиҳаси билан сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб бериш хизматлари учун тўловларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда, – деди Р.Бегматов. – Мазкур харажатларнинг ўрни сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўланадиган солиқларнинг 40 фоизини йўналтириш ҳисобидан қопланиши белгиланмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга янада қулайлик яратиб, уларнинг моддий манфаатдорлиги ортишига хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳада халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув истеъмолчиларига нисбатан сув олиш лимитларини белгилаш ваколати берилмоқда. Бундан ташқари, Сув хўжалиги вазирлигининг туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилганлиги муносабати билан амалдаги айрим қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар сув ресурсларини самарали бошқариш, мазкур жараёнларга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг иштирокини таъминлаш орқали ер ва сувга доир муносабатларининг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА