Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, эзгулик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган муборак ой арафасида шаҳар ва туманларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Тўрткўл туманидаги “Мўлла Жумабой”, “Мўнтиқ бобо”, “Aбдижамил эшон”, “Ёнбошқалъа” каби  барча 10 та  жоме масжидида, қабристон атрофларида тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудудлар тозаланиб, кўчатлар экилмоқда.

Беруний туманидаги барча жоме масжидларида, қабристон атрофларида тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ўтказилди. Жумладан, Султон Увайс бобо, Шайх Aббос Валий жоме масжидлари атрофлари ободонлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштириш,  кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бошқа шаҳар ва туманларда ҳам давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири