Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман бўлими томонидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди.
Бухоро вилояти Ромитан туманида давлат рўйхатидан ўтган “T.” ҳамда Амударё туманида фаолият кўрсатувчи “A.” масъулияти чекланган жамиятлари масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, “A.” масъулияти чекланган жамиятига тегишли нотурар бинода яширин цех ташкил қилган. Тадбир давомида ушбу яширин цехдан қўлбола усулда тайёрланган 77,1 тонна 5 литр ҳажмдаги елим идишларга қадоқланган истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулоти, 19 минг 460 дона хўжалик совуни, 10 тонна пахта чигити, 3 тонна кунжара, 32 та рулон ёрлиқ, 8 дона мой-жувоз ускунаси ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган жами 1,3 миллиард сўмлик товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири