Оролбўйи туризм салоҳияти Германияда намойиш этилмоқда
Жорий йил 3-9 март кунлари Германия пойтахти Берлин шаҳрида “ITB BERLIN 2024” халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтади. Мазкур ярмаркада Германия ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) кўмагида Қорақалпоғистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Улар томонидан Оролбўйи туризм йўналишлари ҳамда тур-пакетлар тарғиб қилинмоқда. Ушбу мақсадда Қорақалпоғистоннинг миллий стенди тайёрланди. Ярмарка жаҳоннинг турли давлатларидан ташриф буюрган тадбиркорлар билан янги шериклик, инвестиция ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.
Онахонлар эъзозда
Тўрткўл тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Р.Шамуратов 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан тумандаги 100 ёш билан юзлашган онахонлар хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан табриклади. Хусусан, “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳалима Каримбаева, Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Дурхоним Алланазарова, “Шўрахон” овул фуқаролар йиғинида бир неча йиллар давомида меҳнат қилиб, бугун невара-чеваралари ардоғидаги меҳнат фахрийси Норжон Салаева ҳолидан хабар олди. Уларни байрам билан табриклаб, туман ҳокимлиги томонидан совғалар топширилди.
Ҳоким ва талаба ёшлар учрашуви
Элликқалъа тумани ҳокими В.Ниязимбетов “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида ўқиётган талаба- ёшлар билан учрашди. Учрашувда туман ҳокими бугунги кунда Президентимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳамда имкониятларга тўхталди. Талабалар томонидан билдирилган муаммо ва таклифлар назоратга олиниб, тегишли тартибда амалий ёрдам берилиши таъкидланди. Учрашув якунида йиғилган талабаларга бадиий китоблар жамланмаси совға қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири