“Bloomberg” талқинига кўра, Жефф Безос “Tesla”, “SpaceX” ва “Х” ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маскни ортда қолдириб, дунёнинг энг бой одамлари рейтингида етакчига айланди, деб ёзмоқда “CNN” нашри. Бунга “Tesla” акциялари қиймати 7 фоиздан кўпроқ пасайиб кетгани сабаб бўлган.

“Amazon” асосчисининг бойлиги 200 миллиард долларни ташкил этган бўлса, Маскники 198 миллиард долларга баҳоланмоқда. Индекс маълумотларига кўра, Маск ўтган йил давомида тахминан 31 миллиард доллар йўқотган, Безос эса 23 миллиард доллар даромад топган.

Маск 2023 йилнинг май ойида “Louis Vuitton”, “Dior”, “Celine” каби машҳур брендларнинг эгаси, дунёнинг энг бадавлат одами деб ҳисобланган Бернард Арнони даромадлар бўйича ортда қолдирган эди.

Уч миллиардер – Арно, Маск ва Безос бир неча ой давомида биринчи ўрин учун бир-бири билан рақобатлашиб келади.

Арнонинг бойлиги “LVMH” акциялари нархи кўтарилиши туфайли янада ортди.

Жорий йилнинг бошида АҚШнинг Делавер штати суди судьяси Маскнинг 2018 йилги маош пакетини (50 миллиард доллардан ортиқ) чиқариб ташлади, бу эса уни дунёдаги энг бой одамлардан бирига айлантиришга ёрдам берди.

Сайёрадаги энг бой одам унвони бозор кўрсаткичларига қараб бир неча ойда алмашиб туради. Дунёнинг бадавлат одамлари ўнлигига, шунингдек, “Meta” раҳбари Марк Цукерберг, “Microsoft” асосчиси Билл Гейтс, “Berkshire Hathaway” асосчиси Уоррен Баффет, “Oracle” асосчиларидан бири Ларри Эллисон, “Google” асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин ҳам кирган.