Халқимиз бугунги ислоҳотлардан қанчалик хабардор? Аҳолининг ўзгариш ва янгиланишлардан хабардорлиги юрт тараққиётига қай даражада таъсир кўрсатади?
Она Ватанимизнинг ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши учун илдам қадамлар ташланаётган, Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш олий мақсад қилинган бир даврда бу саволлар хусусида ҳар биримиз ўйлаймиз, албатта.
Тўғри, бугун халқимизнинг онг-тафаккури бутунлай ўзгарган. Шу билан бирга улар, аввало, ҳаётда ўзи баҳраманд бўлаётган, ўзининг манфаатларини ифода этадиган жараёнларга кўпроқ қизиқади, ишонади ва қўллаб-қувватлайди.
Масалан, у мамлакатда бир йилда қанча километр йўл асфальтлангани, бунинг учун қанча маблағ ажратилганини билмайди. Аммо то эсини таниганидан буён ўнқир-чўнқир бўлиб ётган кўчаси асфальт қилинганидан шод бўлади. Кечаси ҳам ёғду сочиб, йўлларини ёритиб турган тунги ёритгичларга қараб, бир пайтлар фонар кўтариб тўй-маъракалардан қайтганини эслайди. Тўғри у “камбағалликни қисқартириш”, “ижтимоий ҳимоя” каби тушунчаларни унчалик таҳлил қилмайди, аммо, муҳтож инсонларнинг эшигини тақиллатиб муаммолари ўрганилаётгани, йиллар давомида устидан чакки ўтиб яшаётган қўшнисининг томи ёпиб берилгани, бир эҳтиёжманд оила фарзандининг ўқиши учун тўлов-контракт пулини тўлашга ёрдам кўрсатилгани, кеча базўр кун кўриб юрган яна бир яқини бугун тадбиркор бўлиб даромад топаётганини ва шунга ўхшаган кўплаб мисолларни билади.
У бир йилда давлат томонидан қанча уй-жой қурилгани, бунга бюджетдан қанча маблағ сарфланганини билмаслиги мумкин. Аммо маҳалласидаги ота-онасидан айрилган бир ёш оилага уй берилганидан мамнун бўлади. У давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг параметрлари тўғрисида билмас. Лекин олдинлар йилига кўчасидан икки ёки уч битирувчи ўқишга кирган бўлса, бугун ёшларнинг деярли ярми мамлакатнинг турли шаҳарларида, ҳаттоки хорижда ўқиётганидан ғурурланади. Бу каби ишларни одамлар бир-бирига айтиб ҳам юради, маҳаллада дув-дув гап ҳам бўлиб кетади. Демак, аҳоли ислоҳотлардан хабардор.
Лекин билиши керак бўлган яна бошқа муҳим масалалар ҳам бор. Қорақалпоғистонда маҳаллалар, ўқув муассасалари идора ва ташкилотларда умуман одамлар орасида тарғибот тадбирларини ўтказар эканмиз, ана шундай хулосага келдим. Айтайлик, ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмаётгани, бу ишлар учун давлат қанчадан-қанча маблағ сарфлаётгани, фармонлар, қарорлар, дастурлар, лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик, тинчлик-тотувлик, миллатлараро дўстлик, шукроналик… Хуллас одамларга айтадиган гапимиз ҳали анчагина.
Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан тузилган тарғибот гуруҳлари аъзолари – зиёлилар, депутатлар, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, бир сўз билан айтганда, фаоллар аҳолининг барча қатламлари билан мулоқот қилиб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.
Баъзида бугунги одамлар енгил-елпи, олди-қочди гапларга кўпроқ қизиқади деб ўйлаймиз. Аммо аслида ҳамма ҳам ундай эмас. Юрт тараққиётига дахлдор бўлган жиддий масалалар ҳақидаги ахборотларни бутун вужуди билан эшитадиган, ҳатто ўзгаришлар, янгиланишлар, кўрсаткичлар, рақамлар тилга олинганида мамнун бўладиган юртдошларимизни кўриб севинамиз.
Президентимиз томонидан айнан Қорақалпоғистон учун кейинги йилларда кетма-кет қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар асосида қандай ишлар амалга оширилди? Албатта, буни очиб бериш учун бир мақола ёки бир маъруза етмайди. Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар ўтказилиб, шароити оғир оилалар тоифаланган ҳолда аниқланди. Овул ва маҳаллалар инфратузилмаси ўрганилди. Аниқроқ айтганда, барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари ҳамда ички йўллар ҳолати бўйича ўтказилган хатловда оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 21 минг 94 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойни янгидан қуриш белгиланди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманларига бириктирилди. Вилоятлар томонидан бугун мазкур туманларда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бириктирилмаган Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларидаги 2 минг километр тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизилмоқда.
Бундан ташқари, 43 минг 432 та ҳужжатсиз, ноқонуний қурилган уй–жой аниқланиб, улар жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилган ҳолда ҳужжатлаштириб берилмоқда.
2022-2023 ўқув йили учун Қорақалпоғистон Республикасида умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, кейинги ўқув йиллари учун эса ҳар йили 1 сентябрга қадар 6 минг 500 нафар ёшнинг вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинишини таъминлаш белгиланди. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб эса бу миқдор яна оширилди. Яъни давлат гранти асосида 3 минг, тўлов-шартнома асосида 6 минг 500 нафар ёш қўшимча квота асосида ўқишга киришга муяссар бўлди.
Маҳалла фуқаролар йиғинларига берилган 500 миллион сўм маблағ ҳисобидан маҳаллаларга қуёш панеллари, янги трансформаторлар, кўчаларга светофорлар, тунги ёритгичлар ўрнатилгани каби ишлар халқимиз турмуш шароитини янада яхшилаган бўлса, янги маҳалла бинолари қурилгани ва уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамлангани маҳалла фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилаётганини бугун аҳоли эътироф этмоқда.
Ҳозир ҳужжатсиз қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилганидан ўз меҳнати билан уй қуриб, аммо йиллар давомида хавотир билан яшаб келган инсонларнинг мамнунияти чексиз. Ана шундай хонадонлар орасида Тахиатош туманидан ҳам 140 дан зиёд оила бор. “Ойдин йўл” маҳалласи 12-уйда яшовчи Калембай Ўразбаев, “Янги макон” овули 67-уйда яшовчи Аралбай Айимбетов ҳамда Найманкўл овули Камалак кўчаси 4-уйда истиқомат қилувчи Базарбай Артиқов тахиатошликлар номидан Президентимизга миннатдорчилик билдириб, узоқ вақтдан буён ҳаловат бермай келаётган муаммосига ечим топилганидан мамнун эканликларини таъкидлашди.
– Неча йиллардан буён кўчабошилик қиламан. Одамларнинг тўй-маъракаси, оилалардаги муаммоли вазиятлар, ёшлар тарбияси, элда тинчлик ва хотиржамликни сақлаш, хуллас, беминнат хизматдамиз. Кечаю кундуз тиним билмасамда, бу меҳнатим учун бирор нарса таъма қилмаганман. Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан барча кўчабошларига 3 миллион сўмдан берилиб, рағбатлантирилди. Биринчи марта кўчабошиларга ана шундай эътибор қаратилди. Кўнглимиз тоғдай кўтарилди, – дейди Тўрткўл тумани Оқбошли қишлоғидан кўчабоши Қуранбой Эшназаров.
– Мен бу йил Нукус шаҳридаги 46- сонли ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабини тугатиб, Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси университетининг юриспруденция мутахассислигига ўқишга кириш учун тест имтиҳонларини топширган эдим, – дейди нукуслик Тўмарис Отепбергенова. – Тест якунига кўра эса ўқишга кириш имкониятини берадиган етарли миқдордаги ўтиш балини тўплай олмадим. Бироқ Президентимизнинг қорақалпоғистонлик ёшларга кўрсатган оталарча ғамхўрлиги сабабли, менинг орзум рўёбга чиқиб, қўшимча берилган грант асосида мазкур университетга ўқишга киришга муяссар бўлдим. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдорман.
Ислоҳотлар самараси халқ уларни қанчалик тушунаётгани, ишонаётгани ва қўллаб-қувватлаётганига бевосита боғлиқ эканлигини биламиз. Кўриб турганимиздек, ўзгаришлар сезиларли, халқимизнинг мамнунияти чексиз. Биз эса бугун одамлар билан шу фаровон ҳаёт ортида турган омиллар, ислоҳотлар, қонунлар, фармонлар, қарорлар, маблағлар, айтиш жоизки, машаққатлар ҳақида мулоқот қиляпмиз. Зеро, ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Шуни тушунган инсонгина бугунги фаровонлик, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етади. Бизнинг тарғибот тадбирларидан кўзлаган мақсадимиз ҳам айнан шундан иборатдир.
Назира Матяқубова,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
ЎзА