Мамлакатимизда бўлиб турган Хитой Халқ Республикасининг Синцзянь саноат-қурилиш Корпуси (ССҚК) комиссари ўринбосари Лю Синьцзянь раҳбарлигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев қабулида икки томонлама ҳамкорлик бўйича мулоқот олиб борилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ҳамда Хитой Халқ Республикаси етакчиси ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форуми янги лойиҳалар устида ҳамкорлик қилишга янгича йўл очгани, бунда икки давлат раҳбарларининг ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги юқори истиқболли ва фойдали самарадорликка асосланган эзгу ғоялари, узоқни кўзлаб имзоланган келишувлари асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда бу борадаги ҳамкорликни давом эттириш, Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ҳамда қарорларнинг мазмун-моҳияти, уларда берилган имтиёзлар асосида янги, йирик инвестицион лойиҳалар муҳокама этилди. Жумладан, Қорақалпоғистоннинг мавжуд имкониятларидан фойдаланиб, саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, бу борада янги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва бошқа аҳамиятли масалалар тўғрисида сўз юртилди.
Шу куннинг ўзида Нукусда “Ўзбекистон-Хитой иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” форуми бўлиб ўтди.
Унда тегишли соҳа раҳбарлари, маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.
Форумда Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, Қорақалпоғистонда инвесторлар учун яратилган шароитлар, Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш бўйича берилган имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Тадбир доирасида Оролбўйининг инвестицион жозибадорлиги, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд имкониятлар, ресурслар истиқболи ва бошқа аҳамиятли йўналишлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Ўз навбатида, меҳмонлар мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда икки томонлама фойдали ва манфаатли лойиҳалар устида ҳамкорлик қилиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири