Спорт фидойиларига эҳтиром кўрсатилди

206

ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши мунтазам равишда спортимиз ривожига ҳисса қўшган фидойиларга эътибор кўрсатиб келади. Ташкилот яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан фахрий аёлларимизга байрам совғаларини улашди. Шунингдек, тадбирнинг иккинчи қисмида бу йил ўзининг 20 йиллигини нишонлаётган ЎзМТРК қошидаги “Спорт” телерадиоканалининг фахрий ижодкорлари ҳамда фаолиятини соғлом турмуш тарзи ва спорт тарғиботига бағишлаган бир гуруҳ соҳа фидойиларига “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди.

Пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ўтган тадбирда спорт вазирининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ўзбекистон Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, устоз-мураббийлар ҳамда бир гуруҳ Олимпия ҳаракати тарғиботчилари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизлар спортининг ривожига қаратилаётган эътибор, фахрийларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, улар томонидан бугунги ютуқларимиз учун қўйилган пойдевор ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, умрини соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга бағишлаган устоз ижодкорларни эътироф этилди.

Тадбир сўнггида спорт соҳасининг фидойи онахонларига эсдалик совғалари, устоз ижодкорларга эса “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди.

ЎзА фотомухбири 
Муҳаммад АМИН олган суратлар.