Давлат дастурида белгиланган вазифалар муҳокама этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ННТларнинг роли ва ўрни” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда онлайн ва офлайн шаклда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди.
Таъкидланганидек, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурида “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган ислоҳотлар назарда тутилмоқда. Аҳамиятлиси, бу йилги Давлат дастурининг ҳар бир бандида устувор вазифалар билан бир қаторда, унинг тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилишига масъул ижрочилар, керак ҳолларда манбалари ҳам аниқ белгилаб берилди.
Шунингдек, тадбирда сўз олганлар Давлат дастурининг бир нечта бандида нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам алоҳида вазифалар белгиланганини қайд этди.
Жумладан, Давлат дастурининг “Профессионал ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш” бўйича 22-мақсадида ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кундузги қатнов, транспорт хизмати, бошпана (шелтер) ва бошқа уйда кўрсатиладиган ижтимоий хизматларни нодавлат ташкилотлар орқали кўрсатиш вазифаси белгиланди. Шундан келиб чиқиб, 2024 йилнинг ноябрь ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллигида Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга нодавлат ташкилотлар орқали ижтимоий хизматларни кўрсатиш лойиҳаси йўлга қўйилади.
Давлат дастурининг 23-мақсадида эса ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим ҳамда улар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш вазифаси белгиланди. Бу жараёнда жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги масъуллигида ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бозорида иштирокини таҳлил қилиш асосида уларнинг бандлигини таъминлашга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш учун ижтимоий буюртма лойиҳалари амалга оширилади.
Яна бир муҳим жиҳат, Давлат дастурида норма ижодкорлиги фаолиятининг ислоҳотлар билан уйғунлигини таъминлаш ва давлат ҳуқуқий сиёсатининг институционал асосларини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки белгилаб берилди. Бунда қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувлар ўтказишнинг янгича тартиби жорий этилади.
Давра суҳбатида шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ННТларнинг коррупцияга қарши курашдаги ролини оширишга қаратилган грант дастурлари ва ижтимоий буюртмаларни эълон қилиб бориш вазифаси ҳам белгилаб берилгани, бундан нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокини ошириш, улар ўртасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш масалалари муҳокама этилди.
Тадбир якунида Давлат дастуридаги вазифалар ижроси юзасидан жойларда жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ишларини олиб бориш ва бу борада давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.
Камола Юсупова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА