Корейс тилига ўқитиш борасида 16 давлат орасидан ҳамкорлик учун Ўзбекистон танланди

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг бир гуруҳ мутахассислари Сеул шаҳрида Қирол Сежонг институт фонди раиси Ли Хе Ёнг ва бошқа расмий вакиллар билан учрашув ўтказди.
Қирол Сежонг институт фонди раиси Ли Хе Ёнг хоним Кореяда расмий меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган 16 та давлат орасидан корейс тилига ўқитиш борасида фақат Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатилганини эътироф этиб, келгусида лойиҳани ривожлантириш учун қўшимча молиявий имкониятларни таклиф этишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда бир қатор келишувларга эришилди. Хусусан, ҳамкорлик доирасида ўқув курслари қамрови кенгайтирилади, кундузги ва кечки гуруҳларда тўлиқ қувват билан ўқув курсларини ташкил этиш орқали, 2024 йилда 3 минг нафар фуқаро «онлайн» тарзда ўқитилади.
Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг бирида Қирол Сежонг фонди билан ҳамкорликда «офлайн» режимда ўқув курслари ташкил этилади. Бунинг учун вазирлик томонидан бино ажратилиб, Қирол Сежонг фонди ёрдамида янги замонавий Корейс тили мактаби ташкил этилади. Натижада бир йилда 4 000 нафар номзодни корейс тили ва маданиятига ўқитиш имконияти яратилади.
Қолаверса, Қирол Сежонг ўқув курсларида ўқиб сертификатга эга бўлган фуқароларга қўшимча имтиёзларни тақдим этиш масаласи қисқа муддатларда кўриб чиқилади. Жумладан, Қирол Сежонг ўқув марказининг Корея томонидан тан олинадиган махсус сертификатига эга бўлган, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали Е-9 виза билан ишга юборилган фуқароларга Е-7 виза олишида устунликка эга бўлувчи имтиёз берилади.
Яна бир маълумот, ҳамкорлик доирасида Корейс тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади.
Келишувга кўра, Қирол Сежонг ўқув маркази имкониятларидан фойдаланиб, биринчи босқичда 40 нафар (2024-2025 йилларда 200 нафар) ўзбекистонлик корейс тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича махсус курслар ташкил этилади.
Бунда курслар режа асосида 3 ойдан кўп бўлмаган муддатда Ўзбекистонда ва Корея Республикасида ташкил этилади. Яъни, тингловчилар аввал Ўзбекистонда “онлайн” режимда ўқитилиб, кейинчалик курс якунида Корея Республикасида имтиҳонларни топшириб, сертификатга эга бўлади.
Махсус сертификатга эга бўлган корейс тили ўқитувчиларини танлов асосида Қирол Сежонг институт фонди ўзига ишга қабул қилади. Ушбу келишувлар бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Қирол Сежонг институти фонди ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланади.
Ш.Маматуропова,ЎзА