Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлилига кўра, 2018-2022 йилларда республика бўйича умумий экин майдонлари 3 396,0 минг гектардан 3 353,3 минг гектарга ёки 1,3 фоизга қисқарган. Бу даврда кўп йиллик дов-дарахтлар майдони 432,5 минг гектардан 488,6 минг гектарга ёки 13 фоизга ошган.

Буғдой ва пахта экин майдонларини босқичма-босқич қисқартириш асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаб олинди. 2018-2022 йилларда умумий экин майдонларида буғдой ва пахта майдонларининг улуши 73,5 фоиздан 69,5 фоизга ёки 3,9 фоизга қисқарди.

Шу билан бирга, пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу экинлар ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

2018-2022 йилларда республика бўйича пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 21 центнердан 34,1 центнерга ёки 62,4 фоизга, буғдой ҳосилдорлиги 41 центнердан 47,2 центнерга ёки 15,1 фоизга ошди.

2018-2022 йилларда бутун республика бўйича 1 гектар экин майдонидан олинадиган ўртача даромад 42 миллион сўмдан 46,5 миллион сўмга кўтарилди.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида бир гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун гектаридан олинадиган ўртача даромадни 2022 йилдагига нисбатан 18,9 фоизга ошириш зарур, дейилади МҲТИ таҳлилида.

 Н.Зиёдуллаева тайёрлади,ЎзА