USAID Ўзбекистон бизнесини қўллаб-қувватлашда давом этади

320

Бугун AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) мамлакатимизда барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган инновацион ташаббус – “Бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси”га старт берди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган маросимда тўрт асосий йўналиш – ахборот-коммуникация технологиялари (AКТ), туризм, тўқимачилик, яшил иқтисодиётда кичик ва ўрта бизнес рақобатбардошлигини ошириш бўйича беш йиллик ташаббус амалга оширилиши эълон қилинди.

Лойиҳа асосий манфаатдор томонлар, жумладан Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий сектор ўртасида инвестицияга кўмаклашиш ва ишбилармонлик алоқасини мустаҳкамлашни кўзда тутади.

–Мазкур ташаббус фаровон, инклюзив ва барқарор келажак йўлидаги умумий интилишимизнинг муҳим бўлагидир, – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хофман. – Ривожланиш йўлидаги муҳим тўсиқларни бартараф этиш, хусусий сектор фаоллигини қўллаб-қувватлаш орқали бизнесда, айниқса, аёллар ва ёшлар бошчилигидаги корхоналар учун янги имконият яратишни мақсад қилганмиз. Саъй-ҳаракатимиз нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақага фойда келтирадиган янада барқарор ва рақобатбардош иқтисодиётга йўл очади.

USAID икки асосий мақсадга қаратилган, хусусий сектор йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда инвестиция ва молиялаштириш имкониятини оширишни кўзда тутадиган навбатдаги “Бизнесни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасига беш йил давомида 17,7 миллион доллар маблағ ажратишни режалаштирган. Шу орқали дастур бизнес ривожланиши ва инновация учун янада қулай муҳит яратиш, Ўзбекистоннинг умумий иқтисодий фаровонлигига ҳисса қўшишга замин яратади.

Янги ташаббус доирасида Лойиҳаларни ҳамкорликда молиялаштириш йиллик дастурий баёноти ҳам эълон қилинди. Жами 1,8 миллион доллар қийматга тенг ушбу дастур маҳаллий корхоналарга грант, молиявий ёрдам ажратиш, мақсадларга мос келадиган ғояларни амалга оширишга кўмаклашади.

Тадбирда USAIDнинг яна бир дастури – Тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш лойиҳаси доирасида 10 та янги грант эгалари номи эълон қилинди. Танланганташкилотлар жами 1,1 миллион долларгрант олиши кутиляпти. Ташаббуснинг асосий мақсадиаёллар ва ёшларнингтадбиркорликдаги фаоллиги варақобатбардошлигини ошириш, Ўзбекистондастартап экотизимини янадаривожлантиришдан иборат.

Гўзал Сатторова, ЎзА