Бугун Тошкентда “Биноларни иситиш ва совитиш учун саёз геотермал энергиядан фойдаланиш” мавзусида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Халқаро молия корпорацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро тадбирда маҳаллий ва хорижлик экспертлар, мутахассислар ва соҳа вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда юртимизда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлик ва тежамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш эса айни куннинг устувор вазифаларидандир.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда геотермал ечимларнинг экологик ва иқтисодий-таркибий қисмлари, меъёрий-ҳуқуқий асослари, мавжуд ҳамда потенциал лойиҳалар ва уларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш муҳим масалалардан ҳисобланади. Шу сабабли, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилишда айнан ушбу тадбир мулоқот майдонини ўтайди.

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминовнинг таъкидлашича, саёз геотермал энергия – бу ер қаърининг 100-200 метр чуқурликкача бўлган қисмидаги иссиқлик энергияси бўлиб, йил давомида деярли ўзгармас ҳароратда бўлади.

– Ушбу энергия манбаи табиий газ ва ер юзасидаги бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларига муқобил бўлган “яшил” энергия ҳисобланади. Геотермал энергия қувурлар, ишчи суюқлик ва иссиқлик насослари орқали ер қаъридан бино ичкарисига олиб кирилади. Чиндан мавзу қизиқ ва долзарб. Шу боис, ушбу семинарда геотермал энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича халқаро тажриба ҳам тақдим этилиб, ушбу соҳанинг бугунги фаол ривожланиши ҳамда бошқа давлатларда унинг устуворлиги муҳокама қилинди. Хусусан, геотермал энергия бўйича АҚШ, Швейцария, Франция, Польша, Исландия, Хитой, Туркия каби давлатлар етакчилик қилади. Уларда таълим муассасалари, шифохоналар ҳамда тураржой биноларида мазкур энергиядан фойдаланилади. Бу бўйича хориж тажрибасини ўрганиш ва кўникма ҳосил қилишда мазкур семинар иштирокчилар учун ҳар жиҳатдан фойдалидир, – деди У.Мамадаминов.

Семинар якунида мамлакатимизда энергия хавфсизлигини ошириш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш мақсадида иситиш ҳамда совитиш тизимлари учун геотермал энергиядан фойдаланиш бўйича кейинги режалар белгиланди.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА