Таиланднинг Бангкок шаҳрида Халқаро кураш ассоциацияси(IKA) президенти Хайдар Фармон Халқаро спорт ташкилотлари бирлашмаси (AIMS) президенти Стефан Фокс билан курашнинг ривожи масаласида музокара ўтказди.

Учрашувда келгуси йил апрель ойида Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрида ўтадиган навбатдаги SportAccord конвенцияларида иштирок этиш, курашнинг AIMSга аъзо бўлиши борасидаги техник жиҳатлар ва талаблар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида AIMS раҳбари, Ҳаваскор тайбоксчилар халқаро федерацияси бош котиби, SportAccord вице-президенти Стефан Фокс Халқаро кураш ассоциациясининг AIMSга аъзо бўлиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, 2009 йили ташкил этилган AIMS 23 та халқаро спорт ташкилотларининг иттифоқи саналади. Ўтган даврда ушбу ташкилотга аъзо бўлган самбо, лакросс, кикбоксинг, тай-бокс Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган спорт турлари сафидан жой олган.

Т.Рўзиев, ЎзА