Ўзбекистон Республикаси Президенти “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида ўтади.

Қарорда байрам тадбирларини баҳор айёмида борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни акс эттирадиган, юртдошларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган маъно-мазмун билан таъсирчан усулларда ўтказиш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг эканини намоён этиш;

Тошкент шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайилларини ташкил этиш;

бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун дастурхонлар ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирларини амалга ошириш;

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, Наврўз байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш;

жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа ва акциялар уюштириш, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўз байрамининг руҳи ва фалсафасига уйғун бўлган урф-одат, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш;

байрам тадбирлари давомида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш, китоб кўргазмалари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо дўконларини ташкил этиш, кўклам таомларини тайёрлаш ҳамда уларнинг кўргазма-савдолари ва танловларини уюштириш;

барча шаҳар ва қишлоқларда ўтказиладиган байрам тантаналарида, оммавий ахборот воситаларида Навруз байрамининг тарихи, ҳар бир ҳудуддаги уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарни кенг ёритиш белгилаб берилган.

                                                                                                    ЎзА