Марказий сайлов комиссияси вакиллари АҚШда президентлик праймеризларини кузатмоқда

116

АҚШда туғилган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ва сайловгача камида ўн тўрт йил Қўшма Штатлар ҳудудида яшаётган шахс президентликка номзод бўлиши мумкин. Демократик ва Республикачилар партияларидан президентликка номзодларни кўрсатиш одатда мазкур партияларнинг энг машҳур аъзоларини аниқлашга имкон берувчи праймериз жараёнлари орқали амалга оширилади.

АҚШ президентлик праймеризлари штатлар даражасида ўтказиладиган бирламчи сайловлар институти бўлиб, унинг натижаларига кўра делегатлар ҳар бир партиядан ягона президентликка номзодларни аниқлаш мақсадида миллий партия қурултойига юборилади.

Қўшма Штатларда Президент тўғридан-тўғри сайловчилар томонидан эмас, балки сайловчилар коллегияси томонидан сайланади. Ноябрь ойида сайловлар бўлиб ўтади, унда ҳар бир штат аҳолиси АҚШ Конгрессидаги ўз вакиллари сонига мутаносиб равишда сайловчилар коллегияси аъзоларини сайлайди. Калифорния штати энг кўп сайловчилар коллегияси аъзоларига эга бўлиб, уларнинг сони 55 нафарни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев бошчилигидаги делегация резидентлик праймеризларига тайёргарлик кўриш жараёни билан танишиш ва унда овоз беришни кузатиш мақсадида АҚШнинг Калифорния штатида бўлиб турибди.

Лос-Анжелес округи котиби ва унинг идораси мазкур ҳудудда барча даражадаги сайловларга тайёргарлик кўриш, жумладан, сайловчиларни рўйхатга олиш, уларни бўлажак сайловлар тўғрисида хабардор қилиш ҳамда сайлов технологияларини жорий этиш каби вазифаларни амалга оширади.

Ташрифнинг биринчи кунида хорижий кузатувчиларни АҚШ Сайловга кўмаклашиш комиссияси аъзоси Кристи МакКормик ва Лос-Анжелес округи котиби Дин Логанлар кутиб олишди. Улар президентлик праймеризларида хорижий сайлов органи вакилларининг бевосита иштироки учун миннатдорлик билдириб, АҚШ сайлов тизими, сайлов маъмуриятининг асосий вазифалари ва функциялари билан таништиришди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси маълумотида.

Калифорния штати праймеризларида овоз бериш жараёнлари жорий йилнинг 5 мартига белгиланган. Барча сайловчиларга сайлов бюллетенлари олдиндан юборилган. Бюллетенда штат даражасида ва маҳаллий даражадаги номзодларнинг узун рўйхати ҳамда уларни тасдиқлаш ёки рад этиш масалалари, шу жумладан, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга партияларнинг президентликка номзодлари ва АҚШ Сенатига очиқ праймеризлар учун икки нафар энг яхши номзодларни аниқлашга доир маълумотлар акс этган.

Сайловга ўн кун қолганида ўз фаолиятини бошлайдиган овоз бериш марказлари сайловчиларга почта орқали юборилган бюллетенларни қайтариш, муддатидан олдин ёки сайлов куни шахсан овоз бериш имкониятларини яратиб беради. Шу мақсадда округ ҳудудида 644 та овоз бериш марказлари ташкил этилган.

Шунингдек сайловчилар тўлдирилган бюллетенларни почта орқали юборишлари ёки овоз бериш марказларидаги махсус қутиларда қолдиришлари мумкин.

Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон МСК делегацияси хорижий кузатувчилар гуруҳи таркибида Лос-Анжелесдаги жамоат кутубхонасида ташкил этилган овоз бериш марказига ташриф буюришди, у ерда марказ ходимлари ва сайловчилар билан суҳбатлашишди ҳамда махсус электрон овоз бериш ускуналари ёрдамида овоз бериш жараёнларини кузатишди.

А.РУСТАМОВ, ЎзА