Қатарда бўлиб ўтган дунёнинг энг истиқболли стартаплар танловида Ўзбекистоннинг “IMAN” стартапи топ 3 таликка кирди.

“IMAN” ҳалол финтеч йўналишидаги стартап бўлиб, у шариатга мувофиқ исломий молия операциялари асосида фаолият олиб боради.

IT-Парк резиденти бўлган “IMAN” стартапи танловнинг барча босқичларидан финалгача ўтиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Саммитда 12 мингдан ортиқ иштирокчи, 1000 дан ортиқ йирик стартаплар, 500 дан ортиқ инвесторлар ва 200 та спикер қатнашди.

2023 йил Бутунжаҳон ҳукуматлар саммити доирасида БАА ҳукумати томонидан ташкил этилган “Best Global M-Gov Award” танловида Ўзбекистоннинг “Donʼt Waste” стартапи 62 давлатдан иштирок этган 1000 дан ортиқ лойиҳа орасидан 2-ўринни эгаллаган эди ва 500 000 БАА дирҳами (136 000 доллар) миқдоридаги мукофотга сазовор бўлган.

Бундан ташқари, “Seeds for the future 2023″ таълим дастури доирасида ўтказилган Huawei Tech4Good глобал танловида ўзбекистонлик саккиз нафар талаба Silver Awardни қўлга киритди ва улардан баъзилари Peopleʼs Choice Award овоз бериш жараёнида “томошабинлар танлови” деб топилди.

Н. Раҳмонова, ЎзА мухбири.