“Women in Tech” нотижорат ташкилоти хотин-қизларнинг фан ва технология соҳасида муваффақиятга эришишини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Қароргоҳи Парижда жойлашган, 48 мамлакатда бўлими мавжуд мазкур тузилма Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ҳам фаолият бошлаяпти.

Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида 2024 йил 2 март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган очилиш маросими замонавий касблар орқали хотин-қизлар салоҳиятини очиб беришга қаратилган “Women in Tech” тузилмасининг мамлакатимизда режалаштирган лойиҳалари билан яқиндан танишиш имконини беради.

Тадбирда махсус меҳмон – компания асосчиси, хотин-қизлар имкониятини кенгайтириш бўйича халқаро эксперт Аюми Мур Аоки ҳам иштирок этади. Қайд этиш керак, у дунёдаги Топ-100 етакчи аёллар рўйхатига кирган.

Шу куни юртимиздаги аёллар ва қизлар учун мазкур соҳада яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилади, Маслаҳатчилар кенгаши аъзолари билан технология йўналишидаги муаммолар, жумладан гендер масаласи муҳокама қилинади. Мамлакатимиздаги етакчи технология компаниялари муваффақиятга эришиш йўлидаги тажрибаси билан ўртоқлашади. Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида танилган инсонлар билан суҳбатлашиш, ўзаро фикр алмашиш имкони яратилади.

Дастурдан маданий чиқишлар ҳам ўрин олган. Интер фаол шаклда кечадиган мазкур маросим савол-жавоб тарзида якунланади. Энг яхши савол эгаси тақдирланади.

ЎзА