Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйи аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этишни такомиллаштириш, аҳоли орасида касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
–Мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, бажарилиши таъминланмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Мурат Қурбанов. – Жумладан, Нукус шаҳрида жойлашган Болалар фтизиатрия санаторияси негизида мавжуд 250 та ўрин фондини мақбуллаштириш ҳисобига Қорақалпоғистон Республикасида сурункали касаллиги ва ногиронлиги мавжуд бўлган болалар учун 120 ўринли Болалар тиббий реабилитация маркази ташкил қилинди ва бугунги кунда фаолият олиб бормоқда. Хўжайли туманидаги Республика кўп тармоқли болалар санаторияси негизида 80 ўринли болалар фтизиатрия санаторияси фаолияти йўлга қўйилди.
Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Нукус филиалининг бўшаётган ҳудуди, бино-иншоотлари негизида мавжуд ўринлар ва штат бирликларини сақлаган ҳолда Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида 20 ўринли хирургия бўлими ташкил этилди. Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Нукус филиали Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказининг хирургия бўлимида ташкил этилиб, зарур тиббий ускуналар билан таъминланди. Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида мавжуд ўринлар доирасида 20 ўринли паллиатив ёрдам кўрсатадиган бўлим (хоспис) ташкил этилиб, фаолият олиб бормоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2022 йил 26 апрель кунги мажлис баёнининг 2-бандига мувофиқ, коронавирус инфекцияси учун карантин зоналарида ташкил этилган махсус контейнерлардан мақсадли фойдаланган ҳолда республиканинг олис ва чекка ҳудудларидаги 34 та маҳалла аҳолисига малакали тиббий ёрдам кўрсатишни яқинлаштириш учун яшаш пунктларида махсус “Маҳалла тиббиёт пунктлари” ташкил этилди.
Тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш режасига асосан, 2022 йилда 10 та, 2023 йилда 20 та янги русумдаги “Фольксваген Кадди” тез тиббий ёрдам автотранспорти билан таъминланди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Нукус шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига 15 та янги русумдаги “Фольксваген Кадди” ва 1 та “Исузу” русумдаги тез тиббий ёрдам автотранспорти берилди. 2023-2024 йилларда ҳар йили 17 тадан янги автомашина ва реанимобиль билан таъминлаш режалаштирилган.
Тасдиқланган режа асосида 2022 йил давомида 6 та, 2023 йилда 16 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этилди ва аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдам хизмати “бир қадам” тамойили асосида кўрсатилмоқда. Маҳаллаларда аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдамини янада яқинлаштириш мақсадида жорий йилда 20 та оилавий шифокорлик пункти, 2 та оилавий поликлиника, 2025-2030 йилларда 25 та оилавий шифокорлик пунктини ташкил қилиш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикасининг аҳолиси кам бўлган ва тарқоқ жойлашган Мўйноқ, Бўзатов, Қораўзак, Тахтакўпир, Шуманай, Қонликўл туманлари кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг айрим тор соҳа мутахассислари (кардиолог, онколог, уролог, отоларинголог, болалар отоларингологи, невролог, болалар неврологи)лавозимларининг штат меъёрларини, бириктирилган аҳоли сонидан қатъий назар, бир штат бирлигидан кам бўлмаган миқдорда белгилаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланди ва ижро қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизими муассасаларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда 3 та туман (Кегейли, Чимбой ва Қўнғирот) тиббиёт бирлашмаси танлаб олинди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларидан тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш учун Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказига 22 нафар мутахассисга йўлланма берилди. Қорақалпоғистон Республикаси тиббиёт ташкилотларидан 50 нафар тиббиёт ходими нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзАмухбири