Чехия пойтахтида давом этаётган “Prague International Chess Festival-2024” турнирининг ортда қолган 3-тур ўйинларидан кейин Нодирбек Абдусатторов 2,5 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида етакчилик қилаётган эронлик Парҳам Магсудлуга яқинлашди.
Нуфузли мусобақанинг кеча поёнига етган 3-турида Абдусатторов чехиялик Давид Наваррани 44-юришда таслим этди.
Бугун, 1 март куни ўтказиладиган 4-тур ўйинларида Нодирбек ҳиндистонлик Гукеш билан куч синашади. Шунингдек, ушбу турда Давид Наварра – Парҳам Магсудлу, Ричард Раппорт – Винсент Каймер, Нгуен Тай Дай Ван – Праггнанандхаа, Сантош Гуджрати Видит – Матеуш Бартель, баҳслари бўлиб ўтади.
Прагада ўтаётган турнирнинг якунланган 3-тур ўйинларидан сўнг Абдусатторов халқаро рейтингда 2757 очколи бўлишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 7 мартга қадар давом этадиган ушбу мусобақа 9-турдан иборат.
Т.Рўзиев, ЎзА