Франциянинг Канн шаҳрида Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан ўтказилаётган Халқаро таълим конференциясида 200 га яқин мамлакат вакиллари қаторида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.
Тадбирда тенденциялар, таълим дастурини ишлаб чиқишга ҳисса қўшиш ва халқаро миқёсда антидопингга қарши саъй-ҳаракатларни умуммақсад йўлида бирлаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Айтиш лозим, WADA томонидан ташкил этилган Халқаро таълим конференцияси тўртинчи маротаба ўтказилаётган бўлиб, олдинги йиғинлар Канада (2015), Хитой (2018) ва Австралиянинг Сидней шаҳрида (2022) ўтказилган.
Конференция давомида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Франция, Литва ва Туркия антидопинг ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумларни имзолашни режалаштирмоқда.
Кеча тадбирнинг расмий очилиш маросими ўтказилиб, иштирокчилар сессияларга бўлинган холда иш бошлади. Сессиялар давомида спортчиларни допингга қарши ҳаракатга жалб қилишнинг аҳамияти, антидопинг таълимини режалаштириш ва лойиҳалаш асослари, тоза спорт хатти-ҳаракатларини ривожлантириш, қасддан бўлмаган допинг ва қадриятларга асосланган таълим мавзулари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА