—
Алиев: Озарбайжоннинг Арманистонга ҳужум қилиш режаси йўқ
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Боку Арманистонга ҳужум қилишни режалаштирмаётгани хусусида баёнот берди.
– Алиев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси Михаэль Хармс раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилиш чоғи Озарбайжонда Арманистонга ҳужум қилиш бўйича ҳеч қандай режа йўқлигини таъкидлади, – дейилади АзерТАЖ тарқатган хабарда.
Техас тарихида энг йирик ўрмон ёнғини
АҚШ Техас штатида мисли кўрилмаган, даҳшатли ўрмон ёнғини кузатиляпти. “Smokehouse Creek” номли ушбу офат кўлами жиҳатидан Техас тарихидаги иккинчи йирик ёнғин, дейилган CNN телеканали тарқатган хабарда.
Ёнғинни бартараф этиш имкони бўлмаяпти, аланга майдони кенгайиши мумкин. Яқин атрофдаги ҳудудлардан одамлар кўчирилган.
Ҳиндистонда автоҳалокат 14 кишини ҳаётдан олиб кетди
Ҳиндистонда юз берган автомобиль ҳодисаси натижасида 14 киши қурбон бўлди, 20 киши оғир тан жароҳати олди
Мадхья-Прадеш штати полицияси хабарига кўра, бахтсиз ҳодиса соат 1:30 атрофида, қишлоқ аҳли диний маросимдан уйга қайтаётганда собир бўлган.
Штат бош вазири Мохан Ядав марҳумларнинг оилаларига 400 минг рупий – 4 800 доллар миқдорида ёрдам пули берилишини маълум қилди.
Янги Зеландия Россияга қарши янги санкция эълон қилди
– Янги Зеландия ҳукумати Украина билан зиддият шароитида Россияга қарши янги санкция жорий этди, – дейилган мамлакат ташқи ишлар ва савдо вазирлиги сайтида берилган хабарда. – Санкция Россияни стратегик ёки моддий қўллаб-қувватлаётган 45 жисмоний ва 16 юридик шахсга нисбатан қўлланади.
G7 Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш йўлини излаяпти
“Катта еттилик” мамлакатлари Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида Россиянинг музлатилган активларидан қандай фойдаланиш мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Япония молия вазири Масато Канда журналистлар билан учрашувда шу ҳақда гапирган. Ушбу баёнот Бразилияда катта йигирматалик вазирлари учрашувида G7 вакиллари иштирокидаги маслаҳатлашув якуни бўйича бўлиб ўтган матбуот анжуманида берилган.
Иллинойс суди Трампни штатдаги праймериздан чиқарди
Иллинойс штати суди АҚШ собиқ Президенти Дональд Трампни республикачилар ўртасида ўтадиган дастлабки сайловдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилди.
“Chicago Suntimes” нашри ёзишича, Трамп икки штатда праймеризга киритилмаган. Бунга унинг тарафдорлари 2021 йил 6 январда Капитолийга бостириб киришда айбланаётгани асос бўлган. Мамлакат конституциясига киритилган 14-тузатишга биноан, “исёнчи”лар давлат ҳокимиятига сайланиши тақиқланган.
Европарламент Молдовани бадалдан озод этмоқчи
Молдова Европа Иттифоқи дастурларида иштирок этаётгани учун йиллик бадал тўловидан озод қилиниши мумкин. Бу маълумотни республика парламенти матбуот хизмати келтирган.
Қабул қилинаётган ҳужжат Молдованинг бадал тўлаш бўйича мажбурияти 2027 йилгача тўхтатилишини назарда тутади. Шу ҳақдаги қарор лойиҳаси парламент депутатларига ратификация қилиш учун тақдим этилади.
Давлат департаменти: АҚШ Украинага аскар жўнатмайди
Украинага ҳарбий юборишни ҳар бир мамлакат ўзи ҳал қилади, АҚШда бундай режа йўқ. Давлат департаменти расмий вакили Мэттью Миллер шундай баёнот берди.
Аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон қуйидаги фикрни билдирганди:
– Франция Россия урушда ғалаба қилмаслиги учун барча чорани кўради. Ғарб мамлакатлари Украинага қўшин киритиш имкониятини муҳокама қилмоқда, лекин бу масалада ҳали бир тўхтамга келинмади.
Эрдоған Россия – Украина музокарасини Итсанбулда ўтказиш
таклифини билдирди
Туркия РФ – Украина музокарасини яна бир бор Истанбулда қабул қилишга тайёр, деди Президент Режеп Таййип Эрдоған.
Етакчи Анқара томонидан Украинанинг ҳудудий яхлитлиги қўллаб-қувватланишини эслатиб, қрим татарлари ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш учун бор имкониятни ишга солишга сўз берди. Шунингдек, у Туркия Украинани қайта тиклашга ҳисса қўшишга тайёрлигини ҳам таъкидлаган.
Арманистон КХШТга аъзоликни музлатиши мумкин
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян баёнот беришича, Ереван Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)даги иштирокини расман тўхтатиши мумкин. Бу қарор ташкилотда мамлакатнинг доимий вакили бўлмаслигини англатади.
Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш маросими қолдирилди
– Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиб кириши билан боғлиқ тантанали тадбир камида бир ҳафта орқага сурилди, чунки яқинда сайланган Венгрия Президенти ҳали лавозимига киришгани йўқ, – дейилган “Bloomberg” хабарида. Агентлик маълум қилишича, ҳозирча маросимнинг аниқ санаси белгиланмаган.
Байден тиббий кўрик натижасини ошкор қилди
АҚШ Президенти Жо Байден маълум қилишича, тиббий текширув унда ҳеч қандай янги касалликни аниқламаган.
– Натижа ўтган йилгидан ҳеч қандай фарқ қилмади, – деди Байден журналистлар билан Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда.
АҚШ етакчиси ўтган йил ҳам шундай кўрикдан ўтган. Ўшанда шифокорлар Байден соғ, ўз вазифасини муваффақиятли адо этади, дея хулоса берган эди.
С.Раҳимов, ЎзА