ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус давлат педагогика институтида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида фестиваль бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар, институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Фестивалда бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элат вакили бир оила фарзандларидек тинч ва тотув яшаб келаётгани, улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшаётгани таъкидланди.

Хусусан, Нукус давлат педагогика институтида ҳозирда қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус, корейс, қирғиз, озарбайжон, уйғур, татар каби миллатидаги жами 18 мингга яқин талаба сабоқ олмоқда.

Миллатлараро бағрикенгликни тарғиб қилишга бағишланган фестивалда миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари, тасвирий санъат асарлари кўргазмалари ташкил этилди. Институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли ижросидаги миллий қўшиқ ва рақслар, айниқса, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА