Нукусда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати ва унда ННТларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон ҳудудий бўлинмаси раҳбари Қ.Каримходжаев,  Қорақалпоғистон Республикаси  прокуратураси бўлими катта прокурори Р.Жалғасбаев, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Т.Романов сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинаётган фармонлар ва ҳукумат қарорларининг аҳамиятига, ушбу иллатнинг ҳар қандай турдаги кўриниши мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасига салбий таъсир кўрсатишига тўхталди.

Бунинг учун эса, жамоатчилик назоратини олиб боришда алоҳида ўрин эгаллайдиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини янада кучайтириш, жойларда коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ишларни комплексли ўрганиш, шунингдек, унга қарши ҳар бир инсон муросасиз курашиш зарурлиги қайд этилди. Ҳар қандай коррупциявий жиноятга, шу жумладан, олди-берди ва воситачилик қилиш учун ҳам жиноий жазо муқаррар эканлигига ҳаётий мисоллар келтирилди.

Тадбир иштирокчиларига коррупциявий ҳолатлар акс этган видеоролик намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири