Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан уларни ижтимоий – ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

–Жумладан, “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали уларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, аёлларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базасини юритиш мақсадида “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи шакллантирилди.

Ушбу рўйхатга киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиши учун, ижтимоий уйларга жойлаштириш ва уларнинг уй-жойларини таъмирлашга кўмаклашиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш, турар жой ижараси учун компенсация тўлаш, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жорий йилги 5-босқич “Аёллар дафтари”га киритиш мақсадида хатлов ўтказиш ишлари 49 та маҳаллага бириктирилган ишчи гуруҳлар томонидан якунланди. Унинг натижасига кўра 30 ёшдан юқори бўлган 46 минг136 нафар хотин-қиздан 45 минг 330 нафарига  сўровнома анкеталари тўлдирилди. Анкета- сўровномалар тўлдирилмаган 806 нафар хотин-қизнинг 340 нафари ички миграциядаги, 442 нафари ташқи миграциядаги, 21 нафари соғлиғи туфайли касалхонада ётган, 3 нафари жазо муддатини ўтаётган хотин-қизлардир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарорининг 2-боб 8-бандига мувофиқ, секторлар раҳбарларининг таклифига кўра, 5-босқич “Аёллар дафтари”га жами 5 минг 593 нафар хотин-қиз киритилиши режалаштирилган. Шундан ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар тоифасига  2 минг 253 нафар, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 652 нафар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 1 минг 269 нафар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 994 нафар, уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига 20 нафар, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд тоифасига 405 нафар хотин-қиз киритилиши белгиланган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири