Миллий адабиётимиз намуналари хорижда кўпроқ таржима қилиниши зарур

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий таржима кенгашининг 2023 йил фаолияти якунларига бағишланган йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид кейинги йилларда бадиий таржима соҳасидаги амалий ишлар хусусида батафсил сўзлади.
– Давлатимиз раҳбари ғояси асосида “Туркий адабиёт дурдоналари” юз жилдлик мажмуанинг нашр этилгани бадиий таржима соҳасида ҳам янги-янги ижодкорларни юзага чиқарди, – деди Ғайрат Мажид. – Ушбу мажмуанинг Туркия ва Озарбайжонда тақдимоти муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда Қозоғистон ва Туркманистонда ҳам мазкур муҳташам 100 жилдлик китоблар тақдимотини ўтказиш таклифи билдирилмоқда. 2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз таржимонликдек масъулиятли меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун улуғ шоир ва таржимон Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этишни таклиф этди. Бу ҳам миллий адабиётимизни хорижда тарғиб этишда ғоят муҳимдир. Айни пайтда бизнинг адабиётимиз намуналари хорижда таржима бўлса, нур устига аъло нур бўлар эди.
– Бугун Ўзбекистонда бадиий таржима тобора кучаймоқда, – деди адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов. – Шу билан бирга, китоб дўконларида рус тилидан ўгирилган таржималар жуда кўп. Ўтган йили мамлакатимизда Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги кенг нишонланди. Чингиз Айтматов асарларининг 10 жилдлиги нашр этилди. Дунё эътироф этган бу ёзувчининг асарлари фақат Ўзбекистондагина энг кўп таржима этилган.
– Ҳеч бир бадиий асарни ўз аслидек таржима қилиш мумкин эмас, – деди Вафо Файзуллоҳ. – Таржимон ўзга тил билан бирга ўз она тилини икки карра мукаммал билиши, юксак маҳоратли, қобилиятли бўлиши муҳим. Таржимонлар айни жиҳатларга эътибор қаратишларини истардим.
Йиғилишда таъкидланганидек, 2023 йилда ўзбек бадиий таржимачилигида қатор янгиликлар бўлди. Ўтган йилнинг яна бир йирик воқеаси – Россиянинг Кемерово вилояти Мариинск шаҳрида атоқли ўзбек шоири ва драматурги Усмон Носирга ҳайкал ўрнатилди. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари ҳам иштирок этди.
Қозоғистоннинг “Tan-Sholpon” журнали 2023 йилни “Ўзбек адабиёти йили” деб белгилади. Йил бўйи ўттиз нафардан ортиқ ўзбек ижодкорининг шеър ва ҳикоялари қозоқ тилига таржима қилиниб, журнал саҳифаларида чоп этилди. Ўтган йили шунингдек, Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достони насрий баёни Илёсхон Баҳромов томонидан араб тилига таржима қилиниб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилди. Бокуда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи озарбайжон тилидаги таржимаси қайта нашр этилди. Москвада “Антология узбекской поэзии” китобининг 2-жилди нашрдан чиқди. Ҳозир ушбу китобнинг 3-жилди устида иш олиб борилмоқда.
Ўтган йилда шунингдек, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи Кэрол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилиб, Ислом Каримов фонди ҳомийлиги остида Францияда нашр этилди. Ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китоби озарбайжон тилида Бокуда, “Йўқчилик ва тўқчилик” ҳикоялар тўплами қирғиз тилида Бишкекда нашр қилинди. Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи Замира Ўзтурк томонидан турк тилига ўгирилиб, чоп этилди. Хайрулла Ҳамидов томонидан «Özbek Edebiyatından Seçme Eserler: Hikayeler – Şiirler (Antologi) («Ўзбек адабиётидан танланган асарлар: Ҳикоялар – шеърлар (антология)» китоби нашрга тайёрланди.
Қозоқ, тожик, рус ва қорақалпоқ тилларида ижод қилувчи ўзбекистонлик шоир ва ёзувчиларнинг шеър ва ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилиниб, “Ўзбекистондадир бахтим, толеим” номли жамоа тўплами шаклида чоп этилди.
2023 йилда “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрлаш ишларига тайёргарлик бошланди. Мажмуага жаҳоннинг беш қитъаси – Осиё, Европа, Африка, Америкадан болалар ёзувчиларининг асарлари киритилади. Бу улкан лойиҳа 2026 йилда ўз якунига етади.
Йиғилишда режалар хусусида келишиб олинди ва кенгашнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири