Цзин Сяоюй: Давлат раҳбарлари Қўшма баёнотида ёшларга алоҳида аҳамият қаратилган

285

Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Хитой халқаро конференцияси иштирокчилари кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича муҳокама, мунозара жараёнида икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама шерикликни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган муҳим фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Обид Ҳакимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори:

– Сўнгги йилларда Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси 5 баробар ошиб, 14 миллиард долларга, юртимиздаги ХХР қўшма корхоналари сони 3 баробар кўпайиб, 2432 тага етди. Бу кўрсаткич хорижий капитал иштирокидаги барча қўшма корхоналарнинг 17,1 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон яқин 7 йилда экспорт миқдорини 2 баробар ошириб, 45 миллиард долларга етказишни режалаштирган. 2023 йил экспортимиз 24,4 миллиард долларга чиқиб, салбий сальдо -13,7 миллиард долларга тенг бўлди.

Мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан қўйилган товар айирбошлаш миқдорини 20 миллиард долларга етказиш мақсадига эришиш учун Ўзбекистон ўзаро саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш мутаносиб равишда ўсиши, самарали савдо-логистика инфратузилмаси шаклланиши, замонавий улгуржи тарқатиш тармоғи, “яшил” йўлак тизими жорий этилиши ва умумий электрон тижорат платформаси яратилишидан манфаатдор.

Дин Сяосин, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси Евросиё тадқиқотлари институти директори:

– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, хусусан глобал хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича қараш ва ёндашувлари ўхшашлиги билан ажралиб туради. Хитой Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўлини, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Ўзаро муносабат замон талабига мос тарзда ривожланиши икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган ишончли ва дўстона мулоқот билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, ўтган етти йил давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин кўп томонлама саммитлар, давлат, расмий ва амалий ташрифлар доирасида мунтазам учрашиб, қатор телефон мулоқотларини ўтказиб, азалий дўстона муносабатлар мутлақ янги босқичга кўтарилишини таъминладилар.

Цзин Сяоюй, ХХР ТИВ қошидаги Хитой халқаро муносабатлар академияси Евросиё институти илмий ходими:

– Ёшлар Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги маданият, таълим, фан, археология, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги шерикликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Икки давлат раҳбарлари имзолаган қўшма баёнотда “ёшлар” сўзи тўрт марта тилга олинган. Дўст ёшлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ёш олимлар ўртасида алмашинувни фаол ривожлантириш таклиф этилган. Хитой ёшларнинг инновацион салоҳиятини ошириш ва тадбиркорлик имкониятини кенгайтиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр.

Ёшлар икки ва кўп томонлама ҳамкорликда янада фаоллаши, юқори самарадорликни таъминлаши учун айни йўналишдаги сиёсатни уйғунлаштириш, мувофиқлаштириш зарур.

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев “Ҳунарни ҳам, чет тилини ҳам биладиган киши учун барча йўллар очиқ”, дея бежиз таъкидламаган.

Ғайрат Хонназаров тайёрлади.

Рустам Назарматов (сурат), ЎзА