Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Осиё Олимпия кенгаши бош директори, Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси президенти Ҳусайн Ал Мусаллам ҳамда Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Ал Шафар Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамроҳлигида пойтахтимизда бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш ишлари билан танишди.
Меҳмонларга 100 гектар майдонда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футболга ихтисослашган асосий стадион, 6 та ёпиқ ва 13 та очиқ иншоотларининг лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Олимпия шаҳарчасидаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида Осиё спорт ташкилотларининг мутасаддилари сув спорти турлари, енгил атлетика ва ўйин турларига мўлжалланган ареналардаги ишларга юқори баҳо берди.
Ўз навбатида Осиё велоспорт конфедерацияси раҳбари Тошкентда қад ростлаётган велодром Халқаро велоспортчилар иттифоқи (UCI) томонидан қўйилган энг сўнгги талабларнинг барчасига жавоб бера олиши билан бирга Марказий Осиёдаги мавжуд велотрек иншоотларидан ҳар жиҳатдан қулайликка эгалигини таъкидлади.
Ўзбек спортининг “олтин авлоди”ни камолга етказиш йўлида хизмат қиладиган мазкур спорт объектларида синов мусобақаларини ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев, ЎзА