Айни кунларда Испаниянинг Барселона шаҳрида “MWC Barcelona-2024″ Жаҳон мобиль конгресси бўлиб ўтмоқда. Унда Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси вакиллари иштирок этмоқда.

“MWC Barcelona-2024″ – хорижий ҳукумат раҳбарлари, ташкилот ва компанияларни бир жойга бирлаштирадиган IT саноатидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири ҳисобланади.

Конгресс доирасида етакчи мутахассислар ва бозор экспертлари томонидан АКТ соҳасидаги сўнгги тенденциялар муҳокама қилинади ҳамда сўнгги технологик ютуқлар тақдимотлари ўтказилади.

Жорий йилги тадбир дастури булутли технологиялар, 5G технологияларини ривожлантириш, сунъий интеллектларни илгари суриш ва бошқа шу каби долзарб масалаларга бағишланади.

Конгресс иштирокчилари орасида етакчи халқаро IT-компаниялар: технологик асбоб-ускуналар ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар, телекоммуникация ва мобиль алоқа операторлари, миллий IT-бозорлар вакиллари бор.

Форум доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг бир қатор хорижий компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши ва конференцияларда иштирок этиши режалаштирилган.

Н.Раҳмонова, ЎзА