Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Глобал экологик жамғарма иштирокида “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарорда Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳасини молиялаштириш учун 5 йил муддатга 5 992 661 АҚШ доллари миқдорида грант ажратиши кўрсатиб ўтилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Лойиҳани амалга ошириш учун умумий ижрочи ва техник ёрдам кўрсатувчи, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эса масъул ижро этувчи орган сифатида фаолият кўрсатиши белгиланган.

Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида амалга оширилади.

Бунинг учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланади:

тадбирларни режалаштириш, мувофиқлаштириш, бошқариш, уларни амалга ошириш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, баҳолаш ва ҳисоботлар тайёрлаш;

йўналтириладиган грантнинг мақсадли ва тизимли сарфланишини назорат қилиш, шунингдек, сарфланган ҳамда ўзлаштирилган маблағлар тўғрисида ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш;

амалга оширилган ишлар, сарфланган ва ўзлаштирилган маблағлар тўғрисида ҳисоботлар ҳамда эришилган натижалар юзасидан маълумотларни ҳар чоракда ўзининг расмий веб-сайтида ёритиб бориш орқали Лойиҳанинг амалга оширилиши устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлаш.

Қарорга мувофиқ, лойиҳа 2024 – 2028 йилларда амалга оширилади.

 

                                                                                                                ЎзА