Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Мажлисда дастлаб болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.Оллоёров қонун лойиҳаси юзасидан маъруза қилар экан, мамлакатимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

– Янги таҳрирдаги Конституциямизда болалар масаласига алоҳида устуворлик берилди. Шу билан бирга, Олий Мажлис ҳузурида Болалар омбудсмани институтининг ташкил этилиши жамият учун болалар муаммоларига эътиборнинг муҳим кўрсаткичи сифатида намоён бўлди. Бугунги глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса, интернетнинг ривожланиши билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан, уларни зўравонликнинг ҳар қандай шаклидан ҳимоя қилинишини таъминлаш, бу борадаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилиши, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи, қолаверса, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш, қонунга биноан тақиб қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда. Болаларга нисбатан зўравонлик шакллари амалдаги учтадан (жисмоний, жинсий, руҳий) олтитага (ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг) оширилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт жорий қилиняпти. Яъни, эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда. Ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади, – деди М.Оллоёров.

Мажлисда қайд этилганидек, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.

 

Таъкидланганидек, зўравонлик хавфи остида бўлган болалар тоифалари – етим, назоратсиз, ақлий ривожланишда нуқсони бор, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланаётган болалар қонун лойиҳасида аниқ белгилаб берилганлиги соҳадаги ваколатли органларга зўравонликдан жабрланган, зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширишига ёрдам беради.

Лойиҳада шунингдек, зўравонликдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирлари белгиланмоқда. Хусусан, зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги хабарлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг якка тартибдаги чора-тадбирларини қўллаш учун асос бўлади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигини, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашда ушбу ҳужжат алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди. Ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш, тушунтириш зарурлиги айтилди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан бир овоздан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА