Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда IТ-саноатни ривожлантириш, аҳолини юқори даромадли иш ўринлари ва замонавий касблар билан таъминлаш, шунингдек, ҳудудларга IT-хизматлар экспорт қилувчи корхоналарни кенг жалб қилишга қаратилган дастур (Zero Risk) жорий этилади.

Маҳаллий бозор учун IT-хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи корхоналарни халқаро IT-бозорга олиб чиқиш, уларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳа (Local to Global) амалга оширилади.

Умумий хизматлар ҳажмида хизматлар экспорти улуши маҳаллий бозор учун кўрсатилган хизматлар ҳажмига нисбатан юқори бўлган икки ёки ундан ортиқ хорижий давлатда фаолият юритувчи ташкилотларга Ўзбекистон Республикасида юридик шахс сифатида фаолиятини йўлга қўйган ҳолларда, қонунчиликда белгиланган тартибда IT-парк резиденти мақоми берилади.

Дастурда иштирок этувчи корхоналарга:

а) IT-паркнинг тавсияномасига асосан бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари, Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳамда IT-парк филиалларининг давлат мулки бўлган бўш бинолари ва майдонлари (хоналари) бир йилгача муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

Бир йил муддат тугагандан сўнг Дастурда иштирок этувчи корхоналар билан уларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган бино ва майдонлар (хоналар) юзасидан «E-auksion» электрон савдо платформасида бир метр квадрат майдон учун тегишли ҳудуд бўйича шаклланган ўртача ижара ҳақи миқдорида тўғридан-тўғри шартнома тузилади.

IT-парк томонидан харид қилинган янги компьютер, бошқа техника ва жиҳозлар бир йилгача муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида, кейинчалик улар 3 ойлик даврда фоизсиз бўлиб тўлаш (харид қилиш) шарти билан тақдим этилади.

Дастурда қуйидаги талаблардан бирига мос келувчи IT-парк резиденти мақомига эга бўлган ташкилотлар иштирок этади:

умумий хизматлар ҳажмида хизматлар экспорти улуши маҳаллий бозор учун кўрсатилган хизматлар ҳажмига нисбатан юқори бўлган ташкилотлар;

амалда 500 минг АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган эквивалентдаги экспорт шартномасига эга бўлган ташкилотлар;

йиллик айланмаси миқдори 1 миллион АҚШ доллари эквиваленти ва ундан юқори бўлган хорижий компания таъсисчилигида ташкил этилган янги ташкилотлар.

Лойиха доирасида IT-парк резиденти бўлган ташкилотларга:

а) экспорт режасини ишлаб чиқиш, истиқболли хорижий бозорларни аниқлаш ва уларга чиқиш талабларини ўргатиш, мижозларни топиш, улар билан музокаралар олиб бориш, экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш, хизматлар реализациясидан кейинги босқичдаги қўллаб-қувватлаш жараёнларини ташкил этиш йўналишларида IТ-парк томонидан бепул маслаҳат (экспорт менторинг) хизматлари кўрсатилади;

б) жаҳон бозорига чиқиш йўналишидаги харажатларнинг 50 фоизгача қисми қуйидаги чегараланган миқдорларда қоплаб берилади:

хорижий эксперт маслаҳат хизматлари учун 10 минг АҚШ доллари эквивалентигача;

халқаро кўргазма ва конференцияларда иштирок этиш учун 5 минг АҚШ доллари эквивалентигача;

хорижий ҳамкорлар билан бизнес музокаралар ўтказиш мақсадида уларнинг мамлакатимизга ташрифини ташкил этиш учун амалда экспорт қилган хизматлари ҳажмига мос равишда 20 минг AҚШ доллари эквивалентигача;

хорижий мамлакатларга хизмат сафари (транспорт ва меҳмонхона харажатлари) учун 5 минг АҚШ доллари эквивалентигача;

в) умумий ходимлари сонининг кўпи билан 50 фоизи, лекин бир нафар ходим учун бир календарь йилда бир маротаба рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган нуфузли халқаро платформалар ва таълим йўналишларида ўқиш харажатларининг ярми қоплаб берилади;

г) ходимлар малакасини ошириш мақсадида «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасидаги нуфузли халқаро таълим платформаларининг экспорт йўналишида талаб юқори бўлган онлайн ўқув курсларида бепул ўқитиш имконияти таъминланади.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Ўзбекистоннинг IТ-соҳадаги салоҳиятини жаҳон бозорида тарғиб қилиш, мамлакатимизга хорижий компанияларни ҳамда маҳаллий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва IТ-хизматлар кўрсатувчи корхоналарга буюртмаларни кенг жалб қилиш мақсадида:

а) 2024 йилда Германия ва Саудия Арабистонида асосий фаолияти маҳаллий корхоналар учун IT-хизматлар бўйича буюртмаларни жалб қилишга қаратилган IT-парк ваколатхонаси (филиали) фаолиятини йўлга қўйиш:

Бунда, IT-парк дирекциясига мазкур хорижий мамлакатларда ваколатхоналар (филиаллар) фаолиятини йўлга қўйиш учун 2027 йил 1 январга қадар ҳар бир ваколатхона (филиал)га йилига 200 минг АҚШ доллари эквивалентигача молиялаштириш учун маблағ йўналтиришга рухсат бериш;

б) хорижий мамлакатларда мунтазам равишда, шу жумладан 2024 йилда АҚШ ва Германияда «Ўзбекистон IT-кунлари» халқаро тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.

ЎзА