Баҳрайннинг Манама шаҳрида ёшлар ўртасида ўтаётган қиличбозлик бўйича Осиё чемпионатининг сабля йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси олтин медални қўлга киритди.

Мусобақанинг жамоавий баҳсларида Гулистон Пердибоева, Самира Шакирова, Фернанда Эррера, Наргиза Жаксибоевадан ташкил топган терма жамоамиз барча рақибларини енгиб, шоҳсупа тўридан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, қитъа биринчилигида 14та давлат жамоалари иштирок этди. Мусобақанинг кумуш медали Гонконг, бронза эса Қозоғистон ва Жанубий Корея термасига насиб этди.

Шунингдек, шпага қуролидаги баҳсларда Дилназ Муртазаева, Шахзода Эгамбердиева, Азиза Ҳамидова, Санам Назаровадан ташкил топган жамоамиз бронза медалига сазовор бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА