Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга бир қатор қулайликлар берилмоқда.

Хусусан, халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий қилинмоқда.

Шунингдек, уч йил давомида нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади.

Нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади.

ЎзА