Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш амалиёти йўлга қўйилади. Ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга туширилади ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олиниши таъминланади.

Шунингдек, ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилади. Бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилади.

ЎзА